Натижада республикада иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ва соҳаларида хорижий инвестициялар иштирокида 4,2 мингтадан кўпроқ корхона ташкил қилинди ва муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ҳар йили 3,0 миллиарддан кўпроқ асосан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилмоқда, мамлакат иқтисодиётига киритилаётган инвестиция умумий ҳажмининг 26,6 фоиздан кўпроғи уларнинг ҳиссасига тўғри келади. Бу эса хорижий инвесторларнинг республика иқтисодиёти барқарорлиги ва пишиқ-пухталигига, уни ривожлантириш истиқболларига қизиқиши ҳамда ишончи ортиб бораётганлигидан яққол далолат беради.