Қайд этиш жоизки, чолғулар, чолғу мусиқаси ҳамда ижрочилиги азал–азалдан бир-бирини тўлдириб, ривожланишига ва такомиллашишига замин яратиб келган. Ижрочилик мезонининг ривожи чолғулар кўламини кенгайтириш, имкониятларини ошириш учун хизмат қилган. Ўзбек анъанавий чолғуларининг тарихий шаклланиши ҳам бир қатор халқ миллий анъаналари негизида қарор топган. Касбий мусиқанинг ижодиёти ва унинг ривожи айнан чолғулар билан чамбарчас боғлиқлигини қайд этиб ўтиш лозимдир. Чунончи, мумтоз ижодиёт чолғуларнинг мукаммаллик хусусиятларини намойиш этибгина қолмай, уларни ривожига ҳам ўз таъсирини кўрсатиб келган. Шу боис, чолғулар ва чолғу мусиқаси анъаналари ўзининг шаклланиш даври, яъни қадим замонлардан халқ мусиқа маданиятининг асосий омилларидан бири сифатида муҳим аҳамият касб этиб келган.